Устозлар куни кенг нишонланди

Навоий вилояти ҳокимлигида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан Президентимизнинг фармонига кўра тақдирланган бир гуруҳ ўқитувчиларга давлатимизнинг юксак мукофотларини тантанали топшириш тадбири бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги ташаббускор ва фидойи, фаол, таълим тизими ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа ходимлари иштирок этди.
Дастлаб вилоят ҳокими Нормат Турсунов мамлакатимизда таълим тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати алоҳида эътироф этилаётганлиги ва бир қатор имкониятлар яратиб берилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда вилоятда 1421 та мактабгача таълим ташкилоти, шунингдек, 367 та мактаб, 7 та нодавлат мактаб, 7 та ихтисослаштирилган, 1 та Президент мактаби ва Ал Хоразмий номидаги мактаб фаолият олиб бормоқда.
Навоий вилояти ўқувчиларининг миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлиш кўрсаткичи 2025 йилдаги 6 349 тадан 2026 йилда 16 260 тага етди. 2026 йилда ўқувчиларимиз халқаро олимпиадаларда 3 та олтин, 9 та кумуш ва 11 та бронза медалини қўлга киритди. Айниқса, Президент мактаби ўқувчиси Райҳона Санақулованинг учта халқаро олимпиадада 2 та кумуш ва 1 та олтин медаль олгани ёшларимиз салоҳиятининг яққол намунасидир.
Жорий йилда мактаб битирувчиларининг давлат олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 52,5 фоизни ташкил этиб, республикада 1-ўринни қайд этди. Давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари жами ҳисобида эса бу кўрсаткич 70,9 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, давлат ОТМларига киришдаги ўртача балл кўрсатгичи ўтган йилги 93,23 баллдан 112,78 баллга ошди. Эътиборлиси, 17 та (ўтган йили 9 та) умумтаълим мактаби битирувчиларининг 100 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинди.
Таълим сифатининг асосий таянчи бўлган педагоглар салоҳияти ҳам изчил ошириб бормоқда. Бир йилда мактабларда малакавий тоифага эга педагоглар сони 15 665 нафардан 16 001 нафарга, олий тоифали ўқитувчилар сони эса 4 877 нафардан 5 411 нафарга етди. Яратилган имкониятлар натижасида хорижий тилларни ўқитиш бўйича “Энг яхши мактаб” танлови республика босқичида 2025 йилда Зарафшон шаҳридаги 3-мактаб, 2026 йилда эса Навоий шаҳридаги 18-мактаб 2-ўринни эгаллади.
Юртимизда фидокорона меҳнат ҳар доим қадрланган. Жорий йилда ҳам Президентининг Фармонига кўра, бир гуруҳ навоийлик ўқитувчи ва мураббийлар ҳам Ватанимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирландилар.
[gallery-31695]
– Таълим соҳасидаги меҳнатларим юксак баҳоланиб, “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланганим мен учун катта шараф. Аввало, бу юксак эътироф учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдираман, – дейди Навоий шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат математика фани ўқитувчиси Азизбек Ҳасанов. – Ушбу мукофотни нафақат меҳнатимга берилган баҳо, балки келгусидаги фаолиятим учун катта масъулият, деб қабул қиламан. Зеро, устозга билдирилган ишонч ва эътибор уни янада кўпроқ изланишга, шогирдлари билан юқори натижалар сари интилишга ундайди. Мактабимизда ўқувчиларнинг фанларни чуқур ўзлаштиришига, айниқса, аниқ фанларга қизиқишини оширишга катта эътибор қаратилади. Асосий йўналишларимиздан бири фан олимпиадаларига тайёргарлик бўлиб, бу борада ўқувчиларимиз муносиб натижаларга эришаётганидан мамнунмиз. Оиламизда устозга, илмга ва таълимга ҳурмат юқори. Шу маънода, бугун мен ота касбини давом эттириб, ёшларга билим бериш, уларнинг келажагига ҳисса қўшишга ҳаракат қилиб келяпман.
Тадбирда давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ фидойи, ўз соҳасининг етук билимдонлари, ташаббускор ва фаол ўқитувчи ва мураббийларга вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиғи”, “Ташаккурнома” ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари